Ўзбекистон бўйлаб электр таъминотида нега узилишлар кузатилмоқда? Энергетика вазирлиги жавоб берди

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати 4 январь, душанба куни Ўзбекистон бўйлаб электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилаётганини ва юзага келган муаммо бартараф этилишини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, 4 январь куни соат 6:59 да ва 10:10 да «Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси»га қарашли нефть ва газ қазиб чиқариш конларини электр энергияси билан таъминлаб турган «Нефтчи» подстанциясидан чиқувчи Л-Зеварда -1,2 электр узатиш тармоқлари реле ҳимоясидан ўчган.

Оқибатда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларига етказиб берилаётган табиий газ соатига 140–175 минг метр кубга қисқарган. Бунинг натижасида электр энергияси таъминотида республика ҳудудлари бўйлаб 600–800 МВтгача чекловлар кузатилмоқда.

Ушбу юзага келган носозлик махсус бригада томонидан соат 12:15 да бартараф этилиб, Зеварда, Жанубий Кемачи, Жанубий Ўртабулоқ, Денгизкул, Самонтепа сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатлари қайта ишга туширилмоқда. Натижада магистраль газ қувурларига етказиб берилаётган табиий газ сарфи қайта тиклана бошлаган.

«Юзага келган муаммо бугун соат 23:00 га қадар тўлиқ бартараф этилади. Носозлик сабаблари тегишли мутахассилар томонидан аниқланмоқда.

Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», дейилади вазирлик хабарида

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Намангандаги ИЭСда юз берган фавқулодда ўчиш туфайли вилоятнинг катта ҳудуди электрсиз қолгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, Тўрақўрғон ИЭСдаги 2 та электр ишлаб чиқариш агрегати аварияли ҳолатда ўчиши сабабли 750 мегаватт қувват йўқотилган.

Шунингдек, Танзила Норбоева Сенат ялпи мажлисида ҳудудлардаги электр энергияси ва газ муаммоси ҳақида гапиргани ҳамда самарқандлик сенатор сўнгги пайтларда электр энергияси тинимсиз ўчаётганидан шикоят қилгани хабар қилинган.

Янгиликлар