«Шунча ислоҳотлар нима учун аҳолига етиб бормаяпти?» Сенат раиси электр энергияси ва газ муаммоси ҳақида гапирди

Тошкент шаҳрида 20 ноябрь, жума куни ўтказилган Олий Мажлис Сенатининг 9-ялпи мажлисида Танзила Норбоева ҳудудлардаги электр энергияси ва газ муаммоси ҳақида гапирди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: YouTube

Видеоконференция шаклида ўтказилган мажлисда сенатор Фармон Тошев айни пайтда барча ижтимоий тармоқларда бир хил муаммо ёритилаётганини таъкидлаган. Унга кўра, аҳоли куз-қиш мавсумида тинимсиз электр энергияси, иссиқлик таъминотидан узилмоқда ва кўп ҳолларда аҳоли бундан кеч хабар топади.

«Интернетни очиб қаранг. Ҳамма жойда битта шикоят. Свет ўчган. Нима учун халққа олдинроқ айтиш мумкин эмас кўп гапларни? Нима учун графигини ишлаб чиқиш мумкин эмас? Халққа нима деймиз? Жўнатаверсак, уларни алдайверсак, бир нарсага олиб бормайди. Бизга келганда сўз беришганди. Йўқ, бизда свет ўчмайди, етади ҳамма нарса, ҳамма нарса коммунизм бўлади. Лекин, кечирасиз, шаҳарнинг ўзида ҳам свет ўчяпти», — деган сенатор.

Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам минглаб интернет фойдаланувчилар айни пайтда газ ва электр энергияси муаммоси қачон ҳал этилиши тўғрисида мурожаат қилаётганини қайд этган.

«Интернет орқали Сенат ялпи мажлисини онлайн кузатиб бораётган аҳолининг фикрларини, саволларини таҳлил қилиб ўтирибман. Минглаб фойдаланувчилар томонидан газ ва электр энергияси муаммосини қачон ҳал қиласизлар, бизни, блогерлар ва журналистларни эшитасизларми ўзи, деган мурожаат бўляпти. Шу билан бирга, камбағалликни қисқартира олмаяпти, ошиб кетяпти, деган гаплар ҳам бор. Aлбатта, эшитамиз, кузатамиз. Бу муаммоларни жуда яхши биламиз.

Бу бўйича оммавий ахборот воситалари олдида ваъда бераман, бизнинг тегишли қўмитамиз бу масалани кўриб чиқади, биргаликда кўриб чиқамиз. Олдин ҳам кўриб чиққанмиз, лекин режа қиламиз, деб кўриб чиққанмиз. Aммо ҳозир минглаб одамларнинг фикрларини инобатга олиб, бу масалани махсус ўрганиб чиқишни тегишли қўмитадан сўраймиз. Бу масала қўмитада танқидий кўриб чиқилади. Ялпи мажлисда тегишли идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитамиз.

Шунча ислоҳотлар нима учун аҳолига етиб бормаяпти? Нима сабаб газ, электр энергияси доим муаммо. Шу саволларга жавоб олишимиз керак. Тегишли мутасаддилар жавоб берсин. Маблағдан, бошқа ресурслардан муаммо йўқ ҳозир», — дея таъкидлаган Сенат раиси.

Aввалроқ Ўзбекистонда энергетика соҳасига бир йил ичида 2 миллиард доллар сармоя киритилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистон ва Хоразмда йилига 3,6 миллиард кВт соатгача электр энергиясини ишлаб чиқарувчи буғ-газ қурилмаси ўрнатилиши хабар қилинган.

Янгиликлар