«Ўзбекистонда меҳрибонлик уйидан чиққан чин етим болаларга уй берилади» — Танзила Норбоева
Ўзбекистонда меҳрибонлик уйидан чиққан чин етим болаларга уй учун давлат бюджетидан маблағ ажратилди. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Норбоева 21 октябрда ўтказилган сенаторлар ялпи мажлисида маълум қилди.
Хабарга кўра, давлат меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига уй учун 30 миллиард сўм ажратган.
«Маълумки, йил бошида биз меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳолатини жуда ҳам танқидий кўриб чиққан эдик. Ва мутасаддилар олдига аниқ вазифаларни белгилаб қўйгандик. Мана шу борада ота-онасиз болаларимиз чиққандан кейин қаерда яшайди, уй-жойи йўқ-ку, деб ҳокимлар билан фикр-мулоҳаза алмашгандик. Келгуси йилда энди чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун биринчи маротаба 30 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Энди болаларимиз ҳаммасининг меҳрибонлик уйидан чиққандан кейин бошпанаси бўлади», дейди Сенат раиси Танзила Норбоева ялпи мажлисда.
Аввалроқ Фарғонада ота-она қармоғидан маҳрум бўлган 13 нафар бола турар жой билан таъминлангани, Андижонда 5 нафар меҳрибонлик уйи тарбияланувчисига яшаш уйлари топширилгани ҳақида хабар қилинганди.