Ўзбекистонда энергетика соҳасига бир йил ичида 2 млрд доллар сармоя киритилади

Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда энергетика соҳасига хусусий инвестициялар кириб келиши учун замин яратилган. Натижада бир йилнинг ўзида давлат-хусусий шериклик асосида 2 миллиард долларлик тўғридан-тўғри сармоялар жалб қилинади. Бундан ташқари, 2 минг 700 мегаватт қувватли 6 та янги электр станциясини қуриш бўйича лойиҳалар бошланган.

Шунингдек, 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги Президент қарори билан собиқ «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти негизида 3 та йўналиш бўйича алоҳида компаниялар — «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари ташкил этилган.

Йиғилишда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори эканлиги маълум қилинган. Бундан ташқари, эски қувватларда ёқилғи сарфи янги буғ-газ қурилмаларига нисбатан 2 баравар зиёдлиги таъкидланган.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари» ҳамда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятларида молиявий ҳисоботларни жаҳон стандартлари асосида тайёрлаш тизимига ўтиш кераклиги таъкидланган. Мутасаддиларга шу мақсадлардан келиб чиқиб, мазкур 4 та компаниянинг уч йиллик молиявий модели ва бизнес режаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида маҳсулотлар таннархини тушириш кераклигини айтганди. Шунингдек, Президент ушбу йиғилишда Ўзбекистонда экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 100 миллион доллар берилишини маълум қилди.

Янгиликлар