Ўзбекистонда экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 100 млн доллар берилади
Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг қолган уч ойи давомида қиймати 7 миллиард долларлик 80 та тармоқ ва 44 та ҳудудий йирик лойиҳани ишга тушириш муҳимлиги таъкидланган. Йиғилишда ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини ошириш масаласига эътибор қаратилган.
«Бугун экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қуватлашни кенгайтириш бўйича фармонни имзоладим. Энди бундай корхоналар учун янги ташкил қилинаётган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали қўшимча маблағлар ажратилади. Шу мақсадда жамғармага 100 миллион доллар берилмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳсулотларни ташқи бозорларга узлуксиз етказиб бериш учун корхоналарнинг айланма маблағларига йўналтирилади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бош вазир ўринбосарларига бу борадаги вазифаларни тезкор, самарали ва манзилли ҳал қилиб бориб, йил якунига белгиланган кўрсаткичларни таъминлаш бўйича топшириқлар берилган. Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари ҳисобот берган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев маҳсулотлар таннархини тушириш кераклигини таъкидлаганди.