Шавкат Мирзиёев: «Маҳсулотлар таннархини тушириш керак»

Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, иқтисодиётда юқори қўшилган қийматни таъминловчи қайта ишлаш саноатида 9 ойда қарийб 3 фоиз ўсиш қайд этилган. Хусусан, электр техникаси ишлаб чиқариш 25 фоиз, тўқимачилик маҳсулотлари 12 фоиз, металл рудалари қазиш 7 фоиз ва қурилиш материаллари 6 фоизга ўсган. Шунингдек, автомобиллар 1,5 баравар, электр техникаси маҳсулотлари 1,3 баробар, тўқимачилик товарлари 16 фоиз, мис сим 15 фоиз кўп экспорт қилинган.

«Саноат корхоналари бошқарув тизимида муаммолар бор. Маҳсулотлар таннархини тушириш керак. Бу рақобат муҳитини яратишнинг муҳим асосидир», — деди Президент.

Йиғилишда йил якуни билан табиий газ қазиб олишни кўпайтириш, ички бозорга қўшимча газ етказиб бериш бўйича топшириқлар берилган. Шунингдек, 740 минг тонна нефть ва конденсат қазиб олиш, 203 минг тонна суюлтирилган газ ва 125 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқариш вазифаси қўйилан.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Давлат тили куни муносабати билан табриклаганди. Шунингдек, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун бюджетдан 3 триллион сўм ажратилиши ва мактабларни тезкор интернетга улаш учун бюджетдан 100 миллиад сўм ажратилиши маълум бўлди.

Янгиликлар