Ўзбекистонда Абу Али ибн Сино номидаги давлат мукофоти таъсис этилади

Мукофот инсонлар саломатлигини сақлаш, илғор илмий ишланмалар ва даволаш усулларини амалиётга жорий этилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашув ўтказмоқда.

Давлат раҳбари уларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклаб, меҳнати учун миннатдорлик билдирди.

Оиласининг бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиш, умрини мазмунли ўтказиш учун одамга, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз, – деди президент.

Сўнгги ўн йилда мамлакатда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга тушди, 58 минг шифо ўрни яратилди. Замонавий шифохоналар кўпайиб, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди.

Илгари чет элда амалга оширилган туғма юрак нуқсонлари, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари каби юздан зиёд хизматлар бугун мамлакатимизда бажарилмоқда. Президент бу натижаларда тиббиёт ходимларининг билим ва маҳорати ҳал қилувчи ўрин тутаётганини қайд этди.

Президент тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ўзгаришларда 800 мингдан зиёд ходимнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади. Яқинда соҳа фидойиларининг бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлаш ҳақида фармон имзоланди. Улар орасида тиббиёт ходимлари билан бирга тадбиркорлар ва хорижлик ҳамкорлар ҳам бор.

Учрашувда мамлакат етакчиси давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Инсон саломатлигини асраш, илғор илмий ишланмалар ва даволаш усулларини жорий этишда барчага ўрнак бўлаётган тиббиёт ходимлари учун алоҳида Ибн Сино номи билан аталадиган давлат мукофотини таъсис этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

 

 

Ўзбекистон