«Ўзбекфильм»нинг ташкилий ва иқтисодий модели янгиланади
Давлат муассасаси тугатилиб, замонавий бизнес модели асосида ишлайдиган янги «Ўзбекфильм» миллий кинокомпанияси ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев кинематография соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режаларни белгилади.
Президент янги кинокомпания миллий кино брендини яратиш ва замонавий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича таянч марказ ҳамда бош оператор бўлишини таъкидлади.
«Ўзбекфильм» миллий кинокомпанияси фильм ишлаб чиқармайди. Фильмларни яратиш тўлиқ хусусий секторга ўтади. Компания лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, фильмларни тарғиб қилиш, тарқатиш, халқаро бозорлар ва фестивалларга олиб чиқиш билан шуғулланади.
Бу орқали фильмни ишлаб чиқаришдан томошабинга етказиб беришгача бўлган жараён яхлит тизимга бирлашади. Миллий кинокомпания фаолиятини бир ҳафта муддатда йўлга қўйиш топширилди.
Президент киноларни молиялаштиришда давлат буюртмаси амалиётидан субсидия асосида қўллаб-қувватлаш тизимига ўтилишини маълум қилди.
Бундан буён давлат фильмнинг буюртмачиси эмас, ижодкорлар ва хусусий секторнинг ишончли ҳамкори бўлади, – деди мамлакат етакчиси.
Фильм ишлаб чиқаришда техник топшириқлар эмас, ижодий жараён ва унинг талабларига устуворлик берилади. Янги молиялаштириш механизмини бир ой муддатда жорий этиш вазифаси қўйилди.
Келгуси йилдан бошлаб ҳар йили «Ўзбекфильм» миллий кинокомпанияси сўровига кўра бюджетдан тегишли маблағ ажратиб борилади.





