Тошкентнинг яна иккита ҳудудида автобуслар учун BRT тизими қурилиши бошланди

Кейинги босқич Сергели туманидаги Янги Сергели кўчаси ва Юнусобод туманидаги Амир Темур шоҳкўчасини қамраб олади

Тошкентда тезкор автобус қатнови (BRT) тизимини босқичма-босқич ривожлантириш давом этмоқда, деб хабар беради йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази матбуот хизмати.

Лойиҳанинг навбатдаги босқичи Сергели туманидаги Янги Сергели кўчаси ва Юнусобод туманидаги Амир Темур шоҳкўчасини қамраб олади.

Жумладан, 2026-йил 25-октабрдан автобуслар учун алоҳида ҳаракат йўлакларини қуриш муносабати билан мазкур йўл қисмларида транспорт ҳаракатига вақтинча чекловлар жорий этилади.

Таъкидланишича, қурилиш ишлари BRT йўлакларини ташкил этиш режалаштирилган йўлнинг марказий қисмида олиб борилади. Қолган ҳаракат йўлаклари очиқ қолади ва уларда транспорт ҳаракати сақлаб қолинади.

Қурилиш ишлари ушбу йўл қисмларида олиб борилади:

Янги Сергели кўчаси — 1 368 метр

• бошланиш нуқтаси: Янги Сергели ва Чоштепа кўчалари кесишмаси;

• якуний нуқта: SOUEAST сервис маркази биноси.

Амир Темур шоҳкўчаси — 1 430 метр

• бошланиш нуқтаси: Амир Темур шоҳкўчаси ва Аҳмад Дониш кўчаси кесишмасидаги йўл ўтказгичи;

• якуний нуқта: Амир Темур шоҳкўчаси ва Шаҳристон кўчаси кесишмаси.

Биринчи босқич доирасида қурилиш ишлари кўчаларнинг марказий қисмида олиб борилади. Қатнов қисмининг қолган бўлакларида транспорт ҳаракати сақлаб қолинади.

Шу билан бирга, қолган ҳаракат йўлаклари очиқ бўлишига қарамай, қурилиш даврида мазкур йўл қисмларида транспорт ҳаракатида вақтинчалик қийинчиликлар юзага келиши мумкинлиги билдирилди.

Ўзбекистон