Фарғонада бир нечта боғча тарбияланувчилари касалхонага ётқизилди: болалар овқатдан заҳарланган бўлиши мумкин
Маълумотларга кўра, 28 нафар бола касалхонада қолмоқда, яна 23 нафар бола амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилган

Фарғонада бир нечта боғча тарбияланувчилари заҳарланиш гумони билан касалхонага ётқизилди, деб хабар бермоқда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Фарғона шаҳридаги 2-сонли, 7-сонли ва 47-сонли боғча тарбияланувчилари тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин соҳасида оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
Дастлабки эпидемиологик суриштирувлар учун болалар истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар ўрганилди. Жумладан, нонушта, тушлик, кечки тамаддида истеъмол қилган маҳсулотлари, ушбу маҳсулотларни етказиб берувчилар аниқланган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тайёр таомлардан бактериологик текширувлар учун намуналар олинган. Айни вақтда эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари давом этмоқда.
2026-йил 26-октабр соат 11:00 ҳолатига 28 нафар бола юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Беморларнинг умумий аҳволи барқарор, оғир аҳволдаги беморлар мавжуд эмаслиги таъкидланди.
Мурожаат қилган 23 нафар боланинг умумий аҳволи қониқарли деб баҳоланганлиги сабабли уларга тегишли тиббий тавсиялар берилиб, уй шароитида даволаниш учун рухсат этилган.





