Президент Кинематография агентлиги тугатилишини маълум қилди
Кино соҳасида давлат сиёсатини юритиш ваколати Маданият вазирлигига ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев Renessans кино уйига ташриф буюриб, кинематография соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режаларни муҳокама қилмоқда.
Президент соҳани бошқариш, молиялаштириш ва фильм яратиш вазифалари аниқ ажратилиб, янги тизимга ўтилишини маълум қилди. Аввало, ихчам ва замонавий бошқарув йўлга қўйилиши билдирилди.
Хусусан, Кинематография агентлиги тугатилиб, кино соҳасида давлат сиёсатини юритиш ваколати Маданият вазирлигига ўтказилади.
Вазирликда Кино санъати департаменти ташкил этилади. Департамент раҳбарининг мақоми вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Масъулларга бир ойда департамент фаолиятини самарали йўлга қўйиш, Кинематография агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларни тугатишни таъминлаш топширилди.





