Ўзбекистонда акция ва чегирмаларни рақамли назорат қилиш жорий этилиши мумкин
Рақобат қўмитаси 65 та муаммо ва қонунбузилиш ҳолатини аниқлади. Айрим ҳолатларда эълон қилинган чегирмалар бошқа шартлар асосида қўлланилган, акция шартлари тўлиқ тушунтирилмаган, ғолибларга ваъда қилинган совғалар эса топширилмаган

Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасидаги 116 та акция ва чегирмани ўрганиб чиқди, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.
Ўрганишлар давомида 65 та муаммо ва камчилик аниқланди. Айрим ҳолларда эълон қилинган чегирмалар амалда бошқача қўлланилган, акция шартлари тўлиқ тушунтирилмаган ёки ғолибларга ваъда қилинган совринлар берилмаган.
Хусусан, Андижон вилоятида «Water Life Mineral» МЧЖ томонидан ўтказилган «Орзу ушалсин» акциясида 3 нафар иштирокчига жами 60 млн сўмлик соврин берилмагани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан иш қўзғатилиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилгани бўйича тегишли қарор қабул қилинди ва бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Шунингдек, Наманган вилоятида: Cobalt автомобили ўз эгасига қайтарилган. Фуқаро А.А. «Наманган автотеххизмат» МЧЖ акциясида иштирок этиб, Chevrolet Cobalt автомобилини ютиб олган. Бироқ телефон рақами нотўғри терилгани сабабли ғолиб билан боғланиш имкони бўлмаган. Натижада унинг ютуғи бекор қилиниб, бошқа шахсга берилган. Рақобат қўмитасининг аралашуви билан автомобиль ҳақиқий ғолибга қайтариб берилди.
Бундан ташқари, Наманган ва Бухоро: чегирмаларда тушунмовчиликлар аниқланди. Намангандаги «Baldini» дўконида 50%лик чегирма эълон қилинган, аммо маҳсулотларда нархномалар мавжуд бўлмаган. Бухоро шаҳридаги «IDEA» дўконида 20, 50 ва 60%лик чегирмалар таклиф этилган. Лекин бу чегирмалар маҳсулотнинг умумий нархига эмас, балки муддатли тўловнинг ойлик тўловларига қўлланилгани маълум бўлган.
Самарқанд вилояти: «Самарқанд Автотеххизмат» МЧЖ автомобиль харид қилган мижозларга маиший техника совға қилиш акциясини ўтказган. Бироқ акция шартлари тўлиқ очиқланмаган: совғалар фақат Chevrolet автомобили учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилган харидорларга берилган. Муддатли тўлов асосида автомобиль олганлар ва юридик шахслар эса акциядан четда қолдирилган.
Ўрганиш натижасида реклама, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва чакана савдо қоидалари бузилгани аниқланиб, корхонага бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.
Аниқланган камчиликлар юзасидан: 59 та ҳолат (90,7%) бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар ва огоҳлантириш хатлари орқали камчиликлар бартараф этилди. 4 та тадбиркорлик субъектига нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарор ва кўрсатмалар берилди. Натижада истеъмолчилар фойдасига қарийб 250 млн сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Энди акция ва чегирмаларни рақамли назорат қилиш таклиф этилмоқда. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, асосий муаммо қоидаларнинг йўқлигида эмас, балки уларга риоя этилишини ўз вақтида ва самарали назорат қилиш механизмларининг етарли эмаслигидадир, — дейилади хабарда.
Шу сабабли, Рақобат қўмитаси акция ва чегирмаларни назорат қилишнинг янги рақамли механизмлари бўйича таклифлар тайёрлаётганини маълум қилди.
Жумладан:
• QR-код орқали нархни текшириш — харидор маҳсулот ёнидаги QR-кодни сканерлаб, унинг аввалги нархлари ва чегирманинг ҳақиқий миқдорини кўриши мумкин бўлади;
• акцияларни олдиндан рақамли қайд этиш — акция бошланишидан аввал унинг шартлари махсус электрон тизимга киритилиши таклиф этилмоқда;
• нархлар тарихини рақамлаштириш — маҳсулот нархининг ўзгаришини кузатиш ва чегирмалар қанчалик ҳақиқий эканини текшириш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда.
Мақсад — акция ва чегирмаларнинг шаффофлигини ошириш, харидорларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш экани таъкидланди.





