Ўзбекистонда олис ҳудудларда ишлаётган шифокорлар учун устама пули оширилади

Бундай ҳудудларга ишга жойлашган мутахассисларга 50 млн сўм миқдорида бир марталик рағбат пули тўланади

Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб олис ҳудудларда ишлаётган шифокорлар учун ҳар ойлик устама оширилади, бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда маълум қилди.

Давлат раҳбари, тизимда камида 15 йил ишлаган ходимларнинг ипотека кредитининг бир қисмини қоплаш учун 50 миллиард сўм ажратилганини таъкидлади. Шу имконият орқали келаси йил 1 минг нафар тиббиёт ходими янги уйга кўчиб ўтади.

Бу имконият ёш кадрлар учун ҳам жорий қилинади: ҳар йили 500 нафар ёш тиббиёт ходимининг ипотека кредити бошланғич бадалининг 25% қоплаб берилади.

Шунингдек, келгуси йилдан олис ҳудудларда ишлайдиган барча шифокорларнинг ойлик қўшимча устамаси 2 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмга оширилади. Бундай ҳудудга ишга кирган шифокорга 50 миллион сўм бир марталик рағбат пули ҳам берилади.

Ўзбекистон