Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари давлат рўйхатидан ўтказилгани учун устама тўланади
Рўйхатдан ўтган шифокор ва фармацевтларнинг иш ҳақига 7 миллион сўмдан, ҳамшираларга 3,5 миллион сўмдан устама тўланади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда тиббиётга кун сайин янги технологиялар, замонавий ташхислаш ва даволаш усуллари жорий этилаётганини маълум қилди.
Тиббиёт ходимлари доим ўз устида ишлаши, янгиликлардан ортда қолмаслиги керак! – деди президент.
Шу боис, ходимлар малакасини оширишга хусусий сектор фаол жалб этилади. Тиббиёт ходимлари қаерда малака оширишни ўзлари мустақил танлайди.
Бирламчи бўғин ва туманлардаги ходимларнинг малака ошириш харажатлари тўлиқ қопланади. Мазкур харажатларни давлат ўз зиммасига олади. Натижада туманларда ишлайдиган 130 минг тиббиёт ходимининг ҳар йили 100 миллиард сўм маблағи ўзида қолади.
Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ соҳада аниқ тартиб, қатъий назорат бўлиши, бу фаолият билан фақат профессионаллар шуғулланиши керак, – деди мамлакат етакчиси.
Шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимига узоқ тайёргарлик кўрилгани, илғор тажрибалар ўрганилгани таъкидланди. Тизим келаси йил 1-июльдан йўлга қўйилиши билдирилди.
Дастлабки босқичда давлат рўйхатидан ўтиш ихтиёрий бўлади. 2030-йилдан эса бу тартиб мажбурий тус олади. Рўйхатдан ўтган шифокор ва фармацевтларнинг иш ҳақига 7 миллион сўмдан, ҳамшираларга 3,5 миллион сўмдан устама тўланади.
Мутасаддиларга соҳада таълим сифати, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш топширилди.





