Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш учун бюджетдан 3 трлн сўм ажратилади
Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2021 йил бюджет ҳисобидан соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм ажратилади. Шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм белгиланиши кўзда тутилган.
Ўзбекистонда илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, келгуси йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади.
Шунингдек, йиғилишда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда пандемия оқибатларини бартараф этишга қанча маблағ йўналтирилгани маълум бўлди. Шунингдек, Ўзбекистонда мактабларни тезкор интернетга улаш учун бюджетдан 100 миллиад сўм ажратилиши маълум бўлди.