Қорақалпоғистон ва Хоразмда йилига 3,6 млрд кВт соатгача электр энергиясини ишлаб чиқарувчи буғ-газ қурилмаси ўрнатилади

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида йилига 3,6 миллиард киловатт соатгача электр энергиясини ишлаб чиқарувчи буғ-газ қурилмаси ўрнатилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Энергетика вазирлиги махсус штаби ҳудудларда аҳоли ва бюджет ташкилотларини 2020—2021 йилларда куз-қиш мавсумида электр энергияси билан таъминлаш борасидаги амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида «Тахиатош иссиқлик электр станцияси»га борган. У ерда жами «560 мегаватт қувватли иккита газ-буғ қурилмаларини қуриш» инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлайди.

Мазкур лойиҳа Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги «‘Тахиатош ИЭСда 230—280 мегаватт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш’ инвестиция лойиҳасини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Лойиҳа замонавий технологиялар асосида Жанубий Кореянинг «Hyundai Engineering» ва «Hyundai Engineering & Construction» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, янги жорий этилаётган иккита буғ-газ қурилмасининг ишга тушиши билан станциянинг ўрнатилган қуввати 730 мегаваттдан 1003 мегаваттгача ошади. Йиллик ишлаб чиқариладиган электр энергияси миқдори 3,0 миллиард киловатт соатдан 3,6 миллиард киловатт соатгача етказилади. 1 киловатт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган шартли ёқилғи миқдори 164,3 гр киловатт соатга камаяди. Бу билан бир йилда 488,6 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилади.

Бугунги кунда 280 мегаватт қувватга тенг 1-сонли буғ-газ қурилмаси энерготизимга уланиб, тест-синов тартибида тўлиқ қувватда ишламоқда. 2-сонли буғ-газ қурилмасида барча қурилиш ишлари якунланган, қурилманинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш учун хорижлик мутахассислар билан биргаликда синаш-созлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Когонда электр энергияси учун бетон-таянчлар ўрнатилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Бухоро шаҳридаги 2 та маҳаллани электр билан меъёр даражасида таъминлаш учун 49 та, Пахтаободдаги маҳаллада 15 та бетон-таянч ўрнатилгани маълум қилинган.

Янгиликлар