Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси 11 сентябрь куни чақирилади
Танзила Норбоева бошчилигида Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси 2020 йил 4 сентябрь куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенатнинг ахборот хизмати хабар берди.
Мажлисда Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисини 2020 йил 11 сентябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Улар орасида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги, «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар бор.
Шу билан бирга, Молия вазирининг давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати ҳақида ҳамда Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Аввалроқ Наманганда ўтказилган вилоят қўшма сессиясида ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ечиш масаласи қайта кўриб чиқилгани, Сенат аъзоси Асакада эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўргангани хабар қилинган эди.