Шерзод Шерматов Қўшработ туманидаги мактабларга бориб, шароитлар билан танишди (фото)

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 3 август куни Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги мактаб ва мактаб филиалларига борди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, Шерзод Шерматов Қўшработ тумани ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев, вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда дастлаб маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги натижасида кенг имкониятлар яратилган 41-умумтаълим мактабида бўлган.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Вазир мактаб педагогик жамоаси билан мулоқотда ўтган ўқув йилида мактабни битирган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари, ўқитувчиларнинг малака ва тажрибаси билан қизиққан. Аммо 2018/2019 ўқув йилида мактабни 17 нафар ўқувчи битириб, бирортаси ОТМга ўқишга кирмагани маълум бўлган.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Шерзод Шерматов Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқ таълими ходимлари олдига қўйган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир ўқишга кира олмаган ўқувчи мисолида танқидий таҳлил этилиши лозимлигини таъкидлаган. Ўқитувчиларнинг ўз устида ишламаслиги, ўз фани бўйича масъулиятни чуқур ҳис этмасдан, ўқувчиларга пухта билим бермаслиги мана шундай салбий ҳолатга олиб келганлигига тўхталиб ўтган.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Шундан сўнг Шерзод Шерматов Урганжи қишлоғида жойлашган 36-умумтаълим мактабидаги янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари билан танишган. Таъкидлаш жоизки, янги ўқув йили олдидан Урганжи иқтисодиёт ва сервис коллежи биноси мактаб сифатида фойдаланиш учун топширилганди. Ушбу ҳолат айни пайтга қадар 36-мактабнинг собиқ биносида таълим олиб келган айрим ўқувчиларнинг ота-оналари эътирозига сабаб бўлганди. Халқ таълими вазири айни пайтда мактабда сифатли таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш, айниқса, карантин даврида анъанавий мактаб фаолиятини олиб бориш учун кенг имконият ва шароит мавжудлигини алоҳида таъкидлаб, ота-оналарга тўғри тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлигини таъкидлади.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Мактаб ўқитувчилари билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини эшитди.

«Халқ таълими соҳасида фаолият олиб бораётганимга 30 йилдан ошди. Бугунги кунда Президентимиз ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб тургани бизни чексиз руҳлантираётган бўлса, биринчи марта Халқ таълими вазирининг Қўшработнинг энг чекка ҳудудига келиб, биз ўқитувчиларнинг ишлаш шароитимиз билан бевосита танишиб, ‘Қандай муаммойингиз бор, биздан қандай ёрдам’, деб аҳволимизни сўрагани, доим кўмакка тайёрлиги минг карра рағбат бўлди. Шерзод Шерматовнинг биз билан бевосита мулоқотда бўлганидан жуда хурсанд бўлдик ва касбимизга меҳримиз орти, шижоатга тўлдик», — дейди 36-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ўктам Хўжаев.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Қўшработ туманидаги 26-мактабда 240 ўринли қўшимча бино қуриш ишлари маблағ етишмовчи сабабли тўхтаб қолган. 2019 йил давомида қурилиш ишлари якунланмаганлиги боис фойдаланилмасдан келинмоқда.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Шерзод Шерматов вилоят халқ таълими бошқармаси қурилиш бўлими ва Қўшработ туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаевга мазкур муаммонинг ижобий ечим топиши, молиявий манбаларни аниқлаб, қўшимча бино қурилиш ишларини якунлаш бўйича таклифларини билдирди.

«Қоратош» маҳалласи Тувадоқ қишлоғида истиқомат қилувчи ўқувчилар бундан 35 йил олдин қурилган 52-мактаб филиалида таълим-тарбия олиб келарди. Аввал филиал биносида бунинг учун барча шароитлар бўлмаган. Энди тувадоқлик 37 нафар ўқувчи янги ўқув йилидан бошлаб янги қурилган ўқув биносида таълим оладиган бўлди.

35 йил олдин қурилган 52-мактаб филиали
Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

52-мактабнинг 60 ўринли янги филиали
Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 52-мактабнинг 60 ўринли янги филиали фойдаланишга топширилмоқда.

52-мактаб филиалининг эски ва янги ҳолати
Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Халқ таълими вазири филиалнинг эски ва янги биноси билан танишиб, ўқитувчилар учун яратилган кенг имкониятга муносиб фаолият олиб бориш, битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичларини яхшилаш бўйича тавсия берди.

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Фото: Самарқанд вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Халқ таълими вазири тумандаги 6-, 19-, 34-мактабларида ҳам бўлиб, 2020/2021 ўқув йилида эпидемиологик хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш, бу борада кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратди.

Аввалроқ Шерзод Шерматов Самарқанддаги мактабларниинг янги ўқув йилига тайёргарлиги билан танишгани, Самарқандда янги ўқув йили учун карантин талабларига тайёргарликни назорат қилиш бошлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар