Шерзод Шерматов Самарқанддаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги билан танишди
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов раҳбарлигида ишчи гуруҳи аъзолари Самарқанд вилояти бўйича мактаблардаги ўрганиш ишларини бошлади. Бу ҳақда Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда Самарқанд шаҳридаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги ҳамда абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига кириш тест топшириш жараёнлари билан танишди.
Шунингдек, мактабларнинг ичимлик суви билан таъминланганлиги, иситиш тизими билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратилди.
Маълум бўлишича, ишчи гуруҳи аъзолари 2—14 сентябрь кунлари давомида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг эпидемиологик хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича қўйилган талабларнинг ижросини таъминлаш ҳолатини ўрганади. Мактабларнинг анъанавий тарзда фаолияти йўлга қўйилиши олдидан ҳар бир туман ва шаҳарлардаги мактаблар бўйича санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг хулосаси берилиб, ушбу йўналишда аниқланган муаммолар ҳукумат ва маҳаллий ҳокимлик даражасида ҳал этилади.
2 сентябрдан бошлаб вилоят халқ таълими бошқармасида тузилган штабда вилоят бўйича 1255 та мактаб ва махсус мактаб-интернатдаги ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасида ўтказилган сўровномаларнинг натижаларига мувофиқ, анъанавий ёки онлайн таълим жараёнлари ташкил этилиши, ўқитувчиларнинг тест топширганлиги ҳолати, мактабнинг дозатор, пирометр, антисептик воситалар билан таъминланганлиги бўйича аниқ маълумотлар жамланмоқда.
Муҳим вазифалар ўз ечимини топгач, барча хулосалар Халқ депутатлари туман ёки шаҳар кенгаши муҳокамасига киритилади.
Аввалроқ Самарқандда янги ўқув йили учун карантин талабларига тайёргарликни назорат қилиш бошлангани хабар қилинган эди.