Андижон шаҳрининг кўча ва бозорларида фуқаролар ниқобсиз юргани аниқланди
Андижон шаҳрининг кўча ва бозорларида фуқаролар ниқобсиз юргани аниқланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 20 сентябрь куни Андижон телерадиоканали орқали фуқаролар Андижон шаҳрининг кўча ва бозорларида тиббий ниқоб тақмагани, «Янги бозор» ва «Жаҳон бозор»ларида тана ҳароратини ўлчаш мосламаси йўқлиги тўғрисидаги лавҳа юзасидан Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Маълумотларга кўра, ушбу лавҳада келтирилган мавжуд муаммолар юзасидан Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганиш натижасида бозор мутасаддилари томонидан карантин қоидаларига амал қилиш юзасидан бир неча бор огоҳлантирилгани, дорихона ва гўзаллик салонларига доимий тушунтириш ишлари олиб борилаётганига қарамасдан фуқаролар карантин қоидаларига амал қилмай келаётганлиги аниқланган.
«Шунга асосан, шаҳар ҳокимлиги томонидан барча мутасадди ташкилотлар иштирокида 10 дан ортиқ ишчи гуруҳ тузилиб, ҳудудларга бўлинган ҳолда кечаю-кундуз ўз ҳудудида карантин чекловларига амал қилиш юзасидан тарғибот ишлари олиб бориш йўлга қўйилганини маълум қиламиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.
Аввалроқ Қўштепа тумани ҳокими «Деҳқон бозори»даги нархлар билан танишиб, карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш юзасидан топшириқлар бергани ҳақида хабар қилинган эди.