Булунғурда 23 грамм опий гиёҳвандлик моддасини Тошкентга олиб ўтмоқчи бўлган эркак қўлга олинди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида 23 грамм опий гиёҳвандлик моддасини Тошкент шаҳрига олиб ўтмоқчи бўлган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Булунғурда 29 сентябрь куни Давлат хавфсизлиги хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси, вилоят ИИБ ва Божхона бошқармаси томонидан «Юқори нуқта» йўл-патруль масканида тадбир ўтказилган.

Қайд этилишича, тадбирда 46 ёшли С.А. бошқарувидаги «Cobalt» автомобили тўхтатилиб, машина холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширувда С.А. нинг ёнида 23 грамм опий гиёҳвандлик моддаси, машинада эса 200 доллар ва 4 миллион 200 минг сўм пул борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Хабарга кўра, С.А. Тошкент шаҳрида яшовчи жиноий шерикларига наркотик моддаси етказиб беришни режалаштирган. Ушбу ҳолат бўйича Жиноят Кодексининг 246 (контрабанда) ва 273-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқдарёда умумий қиймати 1 миллион сўмдан ортиқ бўлган жиҳозлар ўғирлаган эркак қўлга олинганди.

Шунингдек, Чортоқ чегарасида 160 миллион сўмлик дориларни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар ушланганди.

Янгиликлар