Оқдарёда умумий қиймати 1 млн сўмдан ортиқ бўлган жиҳозлар ўғирлаган эркак қўлга олинди

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида фуқаро уйидан умумий қиймати 1 миллион сўмдан ортиқ бўлган жиҳозлар ўғирлаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2 октябрь, жума куни Оқдарё туманида яшовчи 40 ёшли фуқаро А. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Аризада 23 сентябрдан 30 сентябрга қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс яшаш уйига ғайриқонуний равишда кириб, ҳовлисида турган бир дона баҳоси 500 000 сўмлик «Агидел» сув насоси ҳамда уйида турган бир дона баҳоси 600 000 сўмлик «Artel» русумли ошхона печини яширин равишда ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида ушбу ўғирликни Оқдарё тумани «Амир Темур» МФЙда яшовчи 25 ёшли Ш. содир қилганлиги аниқланган. Фуқародан бир дона «Агидел» сув насоси ва бир дона «Artel» русумли ошхона печи ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандлик аёлни Дубайга ошпазликка чақириб, фоҳишаликка мажбурлаган аёл ва Булунғурда 1200 доллар эвазига фаррошликка жойлаб қўймоқчи бўлган поликлиника ходими ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 9 ой ичида қарийб 700 кишига жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Жомбойдаги маҳалланинг собиқ раиси эҳтиёжманд оилаларга ажратилган пулларни талон-торож қилгани аниқлангани маълум қилинди.

Янгиликлар