Булунғурда 1200 доллар эвазига фаррошликка жойлаб қўймоқчи бўлган поликлиника ходими ушланди

Самарқанд вилояти Булунғур туманида 1200 доллар эвазига фаррошликка жойлаб қўймоқчи бўлган поликлиника ходими ушланди.

Маълум қилинишича, туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникаси ходими 1200 доллар эвазига маҳаллий фуқарони туман тиббиёт бирлашмасига фаррошликка ишга киришида ёрдам беришини айтган.

Сўнгра поликлиника ходими сўралган пулларнинг 400 долларини олган. Кейинчалик қолган 800 долларни олаётган вақтида ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, салкам 2 минг доллар талаб қилган университет ўқитувчиси ҳамда Ромитанда фуқарони тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 400 доллар «ишламоқчи» бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинди. Шунингдек, Бувайдада фуқарони ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг доллар пора олган шахслар ва Андижонда ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 4 минг доллардан ортиқ пул талаб қилган ўқитувчи ушлангани ҳақида хабар берилган эди.