Бувайдада фуқарони ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг доллар пора олган шахслар ушланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бувайда туман бўлими Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқарони Наманган давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2000 доллар олган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда «Tez News»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бувайда туманидаги умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси И.М. фуқаро М.Б. билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро A.нинг қизини танишлари орқали Наманган давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2000 AҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Aввалроқ Литвага ишлашга бормоқчи бўлган фарғоналик 12 миллион сўмга чув тушгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қўқон давлат педагогика институтига киритишни айтиб, фуқародан 3 минг доллар пора олган олийгоҳ ходимлари ушлангани хабар қилинган.