Қўқон давлат педагогика институтига киритишни айтиб, фуқародан 3 минг доллар пора олган олийгоҳ ходимлари ушланди
Қўқонда абитуриентдан ўқишга киритиб қўйиш учун 3 минг доллар олган университет ходимлари қўлга олинди.
Маълум бўлишича, Қўқон давлат педагогика институтининг ёшлар масалалари бўйича масъулларидан бири маҳаллий фуқародан унинг танишини мазкур олий ўқув юртининг «Жисмоний маданият» факультетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Эвазига эса 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.
Дастлабки суриштирув давомида у ушбу пулни институт факультетларидан бирининг деканига бериши лозимлигини айтди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, факультет декани ҳам 3 минг АҚШ долларини олган пайтида қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу ишга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда ўқишга киритиб қўйиш эвазига 53,5 минг доллар «ишламоқчи» бўлган ўқитувчилар ушлангани, Жиззахда 8 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шифокорларга жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.