Самарқандда ўқишга киритиб қўйиш эвазига 53,5 минг доллар «ишламоқчи» бўлган ўқитувчилар ушланди
Самарқанд вилоятида абитуриентларни пул эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган ўқитувчилар қўлга олинди.
Маълум бўлишича, Пастдарғом туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг математика фани ўқитувчиси юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 4 нафар абитуриентни Самарқанд тиббиёт институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Эвазига уларнинг ҳар бири учун 12 минг АҚШ долларидан, жами 48 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахс келишилган пулдан 40 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бундан ташқари, Самарқанд педагогика коллежида ўқитувчи бўлиб ишловчи, 1975 йил Иштихон туманида туғилган шахс ҳам жиноятга қўл уриб, алдов йўли билан маҳаллий фуқаронинг ишончига кирган. Уни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида жойлашган Мирас университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг учун ундан 5500 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
Ҳозирда 2 ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ушбу ишларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда ўқишни кўчириб бериш эвазига 800 доллар пора сўраган проректор ёрдамчиси қўлга тушгани, Шайхонтоҳурда ўқишга киритиб қўйиш учун фуқародан 8000 доллар талаб қилган шахс ушлангани хабар қилинган эди.