Шайхонтоҳурда ўқишга киритиб қўйиш учун фуқародан 8000 доллар талаб қилган шахс қўлга олинди

Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур туманида ўқишга киритиб қўйиш эвазига 8000 доллар миқдорда пул талаб қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош Прокуратура «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ж.П. фуқаро Б.Х.нинг ишончига кириб, унинг ўғлини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 8 минг доллар талаб қилган.

Қайд этилишича, Ж.П ушбу шахсдан 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 168-моддаси кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача, 211-моддасида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 39 миллион сўм пора эвазига масжид фаолияти учун рухсатнома олиб бермоқчи бўлган адлия ходими ушлангани ҳамда Сирдарёда МЧЖ ҳисобчисидан 500 доллар ва 4 миллион сўм пул талаб қилган мансабдор қўлга олингани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар