Тожикистонда электр узатиш тармоғи қулаши оқибатида Фарғона водийсида электр таъминотига чекловлар киритилди
Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли адирли ҳудудда жойлашган электр узатиш линияси таянчларидан бири қулаб тушди

Тожикистонда электр узатиш линияси таянчи қулагани сабабли Фарғона водийси вилоятларида электр таъминотига чекловлар жорий этилди, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Бугун, 19-ноябрь куни соат 06:19 да Сирдарё иссиқлик электр станциясидан Фарғона водийси вилоятларига электр энергияси узатувчи, Тожикистон Республикаси ҳудудидан ўтувчи 500 кВ кучланишли L-503 электр узатиш тармоғида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли авариявий узилиш юз берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ноқулай об-ҳаво таъсирида мураккаб релефли адирлик ҳудудида жойлашган электр узатиш тармоғи таянчларидан бири қулаган.
Натижада автоматик ҳимоя тизими ишга тушиб, мазкур тармоқ орқали электр энергияси узатилиши вақтинча тўхтаган. Бу эса айрим истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилишларга сабаб бўлган.
Айни пайтда авария-тиклаш бригадалари ҳодиса жойига сафарбар этилган. Тожикистон Республикасининг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда авария оқибатларини бартараф этиш ва электр узатиш тармоғи фаолиятини тиклаш бўйича тезкор ишлар олиб борилмоқда.
Таъмирлаш-тиклаш ишлари якунлангунга қадар Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотига вақтинчалик чекловлар киритилади.
Маълумот учун, Фарғона водийси вилоятларига электр энергияси бошқа электр узатиш тармоқлари орқали ҳам етказиб берилади. Хусусан, Фарғона вилоятига Тошкент вилоятидаги «Янги Ангрен» иссиқлик электр станциясидан чиқувчи 500 кВ кучланишли L-524 электр узатиш тармоғи орқали ҳам электр энергияси узатилади.





