Ўзбекистонликлар маош олиш учун банкни ўзлари мустақил равишда танлашлари мумкин бўлади
Янги тизимнинг биринчи версияси хусусий сектор ташкилотлари ва уларнинг ходимларига мўлжалланган

Ўзбекистон фуқаролари маош олиш учун банкни ўзлари мустақил равишда танлашлари мумкин бўлади, деб хабар беради Марказий банк матбуот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг Маблағларни тақсимлаш маркази фуқароларга иш берувчи ташкилот қайси банкда хизмат кўрсатилишидан қатъи назар, иш ҳақи, мукофотлар ва бошқа тўловларни ўзлари танлаган банк картаси ёки электрон ҳамёнга олиш имконини беради.
Тизимнинг биринчи версияси хусусий сектор ташкилотлари ва уларнинг ходимларига мўлжалланган. Кейинги янгиланишларда фойдаланувчиларнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниши ҳамда тизимнинг функционал имкониятлари кенгайтирилиши таъкидланмоқда.
Авваллари ходимларга иш ҳақи олиш учун, одатда, иш берувчининг маош лойиҳасига хизмат кўрсатувчи банкда алоҳида банк картасини очиш талаб этиларди. Натижада фуқароларда бошқа банк картаси бўлса ҳам, янги карта очишга, кейин эса зарур ҳолларда маблағни бир картадан бошқасига ўтказишга тўғри келар эди. Маблағларни тақсимлаш маркази бу боғлиқликни бартараф этади ва фуқароларга ўзлари учун энг қулай бўлган банкни мустақил равишда танлаш имкониятини беради, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, фуқарога иш берувчининг бухгалтериясига ўзи танлаган банк картаси ёки электрон ҳамён реквизитларини тақдим этишнинг ўзи кифоя. Маблағларни тақсимлаш маркази тизимида алоҳида рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди. Ташкилот ходимларга тўловларнинг ягона реестрини шакллантиради ва уни хизмат кўрсатувчи банкка юборади.
Банк реестрни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди ҳамда Маблағларни тақсимлаш маркази тизимига узатади. Тизим олинган маълумотларни текширади ва тўловларни ходимлар томонидан танланган банклар ўртасида тақсимлайди.
Шундан сўнг қабул қилувчи банклар маблағларни тегишли банк карталари ёки электрон ҳамёнларга ўтказиб беради. Таъкидланишича, янги тизим ташкилотлар учун тўловларни амалга ошириш жараёнини ҳам соддалаштиради. Иш берувчилар ходимлари қайси банкларда хизмат кўрсатилишидан қатъи назар, барча тўловларни ягона реестр орқали амалга оширишлари мумкин.





