Жаҳон банки Самарқандга бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимини яхшилаш учун Ўзбекистонга $100 млн ажратади

Дастур 400 дан ортиқ оилавий поликлиникаларни модернизация қилишга инвестиция киритишни назарда тутади

Жаҳон банкининг Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, сурункали касалликларни аниқлаш ва даволашни яхшилашга кўмаклашиш мақсадида Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратилишини маъқуллади.

Қайд этилишича, «Самарқанд вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш натижаларини тизимли яхшилаш» дастури аҳоли саломатлигини яхшилаш, янада унумли ишчи кучини шакллантириш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ҳисобига юқорироқ ҳақ тўланадиган тахминан 28 800 та қўшимча иш ўрни яратилишига хизмат қилади.

Дастур сифатли бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматларини кўрсатиш мақсадида 400 дан ортиқ оилавий поликлиникаларни модернизация қилишга инвестиция киритишни назарда тутади.

Унинг доирасида 6 400 дан ортиқ тиббиёт ходими, жумладан, 1 250 нафар умумий амалиёт шифокори (оилавий шифокор) ва 5 000 нафар ҳамшира тайёрланади ҳамда сертификатланади. Ўзбекистондаги барча тиббиёт ходимларининг қарийб 80%ни аёллар ташкил этади ва уларни ўқитиш дастурнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Дастур беморларнинг электрон реестрини, шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами даражасида аҳоли саломатлигини бошқариш сифатини оширишга қаратилган воситаларни киритиш ҳисобига D-MED миллий рақамли соғлиқни сақлаш платформасини кенгайтиришни назарда тутади.

Ушбу янгиликлар юрак-қон томир касалликлари хавфини аниқлаш учун 330 000 нафар катта ёшли фуқарони скринингдан ўтказиш ва 250 000 нафар беморнинг даволаниш жараёнини кузатиб бориш имконини беради.

Дастурни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идоралар амалга оширади. Дастур 2028 йилнинг декабрь ойига қадар мўлжалланган бўлиб, унинг умумий қиймати 525 миллион долларни ташкил этади, шундан 425 миллион доллари Ўзбекистон ҳукумати томонидан ажратилади.

Ўзбекистон