Ўзбекистонда 10 ой ичида 3 тоннадан ортиқ наркотик моддалар айланмаси тўхтатилди

Мамлакат ҳудудида 22 та ноқонуний нарколаборатория фош этилди

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 14 минг 268 та наркожиноят ва 1 минг 585 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланди. Бу ҳақда Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги хабар берди.

Жиноятларнинг асосий қисмини гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш, ўз истеъмоли учун сақлаш, тақиқланган экинларни етиштириш, кучли таъсир қилувчи моддалар савдоси ва контрабанда билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этди. Тезкор-профилактик тадбирлар натижасида 3 тонна 116 килограмм наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний муомаладан олинди.

Жумладан, 1 тонна 532 килограмм гашиш, 545,9 килограмм марихуана, 445,3 килограмм опий, 345,8 килограмм кучли таъсир қилувчи моддалар, 93,8 килограмм синтетик наркотиклар ва 153 кг бошқа турдаги моддалар мусодара қилинди.

 Шунингдек, мамлакат ҳудудида 22 та ноқонуний нарколаборатория фош этилиб, улардан 62 килограмм гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда 1 тонна 242 килограмм прекурсорлар олиб қўйилди. Мазкур лабораториялар фаолиятига алоқадор 53 нафар шахс қўлга олинди.

Хусусан, 20 та онлайн наркодўкон ҳамда жами 665 мингга яқин обуначига эга бўлган 2 минг 68 та Telegram бот, канал, гуруҳ ва чатлар блокланди. Ҳисобот даврида наркожиноят содир этган 9 минг 519 нафар шахс жавобгарликка тортилди. Уларнинг 3 минг 151 нафарини ёшлар, 713 нафарини аёллар, 106 нафарини вояга етмаганлар ташкил этди.

Ўзбекистон