Тошкентда «Доля», «Скар», «Туз» ва «Доди» лақабли товламачилар гуруҳи қўлга олинди

Гумонланувчилар кўчадаги низоларни зўравонлик ва безорилик ҳаракатлари орқали ҳал қилиб келган, шунингдек, товламачилик билан шуғулланган

Тошкентда кўчадаги низоларни зўравонлик ва безорилик ҳаракатлари орқали ҳал қилиб келган, шунингдек, товламачилик билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан жиноий гуруҳ етакчиси У. А. («Доля», муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси билан судланган), шунингдек, унинг шериклари — И. Ю. («Скар», муқаддам ЖКнинг 168-моддаси билан судланган), Р. З. («Туз», муқаддам ЖКнинг 169, 226 ва 277-моддалари билан судланган) ва Д. А. («Доди») ушланган.

ИИВ маълумотларига кўра, 2026 йилнинг сентябрь ойида икки нафар таниш шахс қарз олди-бердиси бўйича келишиб олган. Улардан бири иккинчисига тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун бир йил муддатга 11 минг доллар қарз берган. Ушбу келишувдан хабар топган жиноий гуруҳ аъзолари ноябрь ойида ҳеч қандай асоссиз равишда эркаклар ўртасидаги муносабатларга аралашган, қарз олувчига нисбатан куч ишлатиб, қўрқитган ҳолда унинг танишига тегишли бўлган 11 минг долларни қўлга киритган.

Гуруҳ аъзолари олинган пулларни эгасига қайтармасдан, ўзлаштириб, шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИВ ушбу гуруҳ ҳаракатларидан жабр кўрган барча фуқароларни ички ишлар органларига мурожаат қилишга чақирди.

Ўзбекистон