Қўқон давлат педагогика институти ёшлар етакчиси ва факультет декани пора олаётган вақтда ушланди

Қўқон давлат педагогика институтининг факультет декани В.Х. ва ёшлар етакчиси Б.Х. абитуриентни ўқишга киритиб қўйиш учун 3000 доллар пора олган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News» га хабар қилди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Қўқон шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қўқон давлат педагогика институти ёшлар етакчиси Б.Х. ва факультет декани В.Х. тил бириктириб, фуқаро З.С.нинг ишончига кириб, унинг таниши A.ни мазкур институтга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3000 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каттақўрғонда абитуриентни 8000 доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар