Каттақўрғонда абитуриентни 8000 доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида абитуриентни Ўзбекистон Миллий гвардия ҳарбий техника институтига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Tez News»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унга кўра, фуқаро Б.Н. даромад орттиришни кўзлаб, фуқаро A.нинг ишончига киради. Фуқаро A.ни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия ҳарбий техника институтига юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 8 000 AҚШ доллари сўрайди. Шундан 1 500 AҚШ долларини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
Мазкур ҳолат юзасидан Б.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда фуқарони Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишини айтиб, 27 минг долларга чув туширган шахс ушлангани, Aндижонда эса фуқарони 4 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган ўқитувчи қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.