Самарқандда фуқарони Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишини айтиб, 27 минг долларга чув туширган шахс ушланди
Самарқандда Миллий гвардияга ишга киритиб қўйишини айтиб, фуқародан 27 200 доллар олган фирибгар Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 17 август куни 2000 йилда туғилган С.Б. Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. У 2020 йилнинг январ ойида Ургут туманида яшовчи таниши У.Ш. уни Миллий гвардиянинг Самарқанд вилоят бошқармасида юқори лавозимда ишловчи Л. исмли таниши орқали Миллий гвардия тизимига ишга жойлаштиришини айтган.
Фуқаро С.Б. 2020 йилнинг январь ойидан июль ойининг охирига қадар бўлиб-бўлиб, жами 27 минг 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни берган. Фуқаро У.Ш. катта миқдордаги пулни олган бўлса ҳам, уни ишга киритмасдан, яна 300 AҚШ доллари беришини сўраб келаётганлигини маълум қилиб, У.Ш. ва Л. исмли шахсларга нисбатан қонуний чора кўришини сўраган.
Aризага асосан, 17 август куни, тахминан, соат 15:00 атрофида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими, Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими ва Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1998 йилда туғилган Ургут шаҳрида яшовчи У.Ш. ариза муаллифи С.Б.дан 300 AҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Aниқланишича, У.Ш. ҳеч қандай Л. исмли шахсни билмаслиги, С.Б.нинг пулини қўлга киритиш мақсадида ўз овозини ўзгартириб, унга ўзини Л. деб таништириб, бошқа рақам орқали телефонда гаплашиб келган. С.Б.ни Миллий гвардия тизимига ишга киритаман деб, алдов йўли билан 27 200 AҚШ доллари миқдоридаги пулларни қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28-211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қиймати 5 миллион сўмлик қўйларни ўғирлаган жиноий гуруҳ устидан суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда фуқароларни қарийб 787 миллион сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган.