Каттақўрғонда қиймати 5 млн сўмлик қўйларни ўғирлаган жиноий гуруҳ устидан суд ҳукми ўқилди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қиймати 5 миллион сўмлик қўйларни ўғирлаган жиноий гуруҳ устидан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақида «Tez News» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг 21 сентябрь кунидан 22 сентябрь кунига ўтар кечаси соат тахминан 00:30 атрофида У.Холов ўзининг «ВАЗ-2101» русумли автомашинасида жиноий шериклари А.Очилов, С.Холмуродов, Б.Акбаров ва вояга етмаган Д.Шамуродов олдиндан жиноий тил бириктириб, Каттақўрғон тумани «Янгиқиёт» қишлоғида жойлашган «Ойбекжон зотли наслчилик» фермер хўжалигига бориб, ушбу фермер хўжалигида чўпон бўлиб ишловчи Б.Хушвақтовни ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, унга тегишли умумий баҳоси 5 миллион сўмлик жами 5 бош қўйини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг ҳукмига кўра, судланувчилар А.Очилов, Б.Акбаров, С.Холмуродов, У.Холов Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) 2-қисми «а,в» бандлари ва 127-моддаси (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Вояга етмаган судланувчи Д.Шамуродов Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «а,в» бандлари билан, 841-моддага (Озодликни чеклаш) мувофиқ 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Аввалроқ қўшнисини машинасида қасддан уриб ўлдирган самарқандлик эркак 10 йилга қамалганди. Шунингдек, Самарқандда фуқароларни қарийб 787 миллион сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинди.

Янгиликлар