Қўшнисини машинасида қасддан уриб ўлдирган самарқандлик эркак 10 йилга қамалди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида «Nexia»ни ҳайдаб кетаётган шахс йўловчи билан тортишиб қолиб, бироздан сўнг уни машинаси билан уриб юборган. Оқибатда йўловчи тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этди. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.
Қайд этилишича, 2019 йилнинг 21 август куни соат 18:30 ларда Каттақўрғон туманидаги Мойбулоқ—Хонақа автомобиль йўлида кетаётган «Nexia» ҳайдовчиси Ж.П. қўшниси М.Ҳ.нинг илтимосига кўра йўлда тўхтайди. Қўшниси М.Ҳ.нинг машина ёнида ҳожат чиқараётганини кўриб, унга узоқроқ кетишини айтади. Қўшни эса бунга жавобан уни бир марта уради.
Ўзидан анча ёш бўлган қўшнисига кучи етмаслигини билган Ж.П. уни йўлда қолдириб, кетиб қолади. Тахминан 500 метр юрганидан сўнг ортга қайтади. Машинада қарама-қарши ҳаракатланиб келиб, М.Ҳ.нинг орқа томонидан бориб, уради.
Оқибатда М.Ҳ. автомашина капоти устига отилиб тушиб, бошининг орқа томони билан автомашина олд ойнаси чап бурчак қисмига урилади ва ойнанинг шу қисмини синдириб, ерга йиқилади. Ҳайдовчи эса уйига қочиб кетади. Фуқаро М.Ҳ. Каттақўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ж.П.га Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, айбдор деб топилган ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Аввалроқ Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилани юзасидан жиноят иши қўзғатилганди.
Шунингдек, Тошкентдаги ГЭСда саёҳат чамадони ичидан эркак жасади топилгани маълум қилинганди. Кейинроқ ушбу чамадон ичида топилган жасад иши бўйича икки киши қамоққа олингани маълум бўлди. Аниқланишича, марҳумнинг сумкасидан 660 минг сўм ва 230 AҚШ доллари ўғирланган, паспорти ёқиб юборилган. Ҳайдовчилик ва хизмат гувоҳномалари қайчи билан кесилган ва каналга ташланган.