Фарғонада 39 млн сўм пора эвазига масжид фаолияти учун рухсатнома олиб бермоқчи бўлган адлия ходими ушланди

Фарғона вилоятида масжид фаолияти учун рухсатнома олиб бериш эвазига 39 миллион сўм пора олган адлия ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълумотларга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда Тошлоқ туман Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси А.А. тумандаги «Сўкчилик» Маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Б.дан танишлари орқали мазкур маҳалладаги масжид фаолиятини юритиши учун рухсатнома олиб бериш эвазига 39 миллион сўм олганлиги маълум бўлган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан А.А. Б.Б.дан пулларни олганлигини маълум қилиб, унга етказилган зарар учун 28 миллион сўм ва 1000 АҚШ долларини ўз ихтиёри билан тақдим этган.

Мазкур ҳолат бўйича А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (Такроран фирибгарлик содир этиш) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Наманганда ишсизларга ажратилган 216 миллион сўм бюджет пули, Шаҳрихонда кам таъминланган оилаларга ажратилган 82 миллион сўм ҳамда Aндижонда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан 159, 3 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Навоийда 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган «СЭС» бош шифокори ва омбор мудири ҳибсга олингани, Наманганда СЭОМ ходими 40 миллион сўм пора билан қўлга тушгани ва Паркентда «СЭС» ходимларининг давлатга салкам 400 миллион сўмлик зарар етказганлиги маълум қилинганди.