Жиззахда 8 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шифокорларга жиноят иши қўзғатилди

Жиззах шаҳридаги оилавий поликлиникалардан бирида ишлайдиган болалар шифокори абитуриентдан 8 минг доллар пора олаётганда ушланди.

Аниқланишича, 1993 йилда туғилган шифокор маҳаллий фуқарони Жиззах давлат педагогика институти «Мактабгача таълим» йўналишининг сиртқи бўлимига ўқишга киришига ёрдам беришини айтган. Эвазига 8 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.

Дастлабки суриштирув давомида у ушбу пулни шеригига бериши лозим бўлганини маълум қилди. Аниқланишича, унинг ҳамкасби Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида шифокор бўлиб ишлайди.

Шундан сўнг тезкор тадбир Тошкент шаҳрида давом эттирилиб, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси шифокори жиноий шеригидан 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, ушбу ишга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда ўқишга киритиб қўйиш эвазига 53,5 минг доллар «ишламоқчи» бўлган ўқитувчилар, ўқишни кўчириб бериш эвазига 800 доллар пора олган проректор ёрдамчиси ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар