Литвага ишлашга бормоқчи бўлган фарғоналик 12 млн сўмга чув тушди

Фарғона шаҳрида Литвага ишлашга юборишни ваъда қилиб, фуқаронинг 12 миллион сўмини ўзлаштирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фуқаро С.Б. 2019 йил сентябрь ойида Э.Б.нинг ишончига кириб, 12 миллион сўм эвазига Литвага ишлашга жўнатишни айтган. Қўлга киритган пулларини эса ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, ушбу жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Наманганда тадбиркорнии 1,6 миллиард сўмга «ухлатган» шахсга жиноят иши қўзғатилгани, Қоракўлда 13 кишининг молини олиб, уларни салкам 490 миллион сўмга чув туширган савдогар қўлга олингани хабар қилинган эди.