Наманганда тадбиркорни 1,6 млрд сўмга «ухлатган» шахсга жиноят иши қўзғатилди
Наманганда 8 cентябрь куни хусусий тадбиркорнинг 1,6 миллиард пулини бермасдан, эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, Наманган шаҳрида яшовчи хусусий тадбиркор 8 cентябрь куни ариза билан мурожаат қилиб, 2018 йил сентябрь ойида Чортоқ туманида яшовчи бошқа бир тадбиркор унинг ишончига кириб, Наманган шаҳрида жойлашган 4 қаватли қурилиши тугалланмаган бинони сотиб олмоқчилигини билдирган.
Келишувга кўра, тадбиркор бинони 2,5 миллиард сўмга сотиб олишга келишиб, пулларни банкдан кредит олиш йўли билан беришини айтган. Мажмуани эса шифохона қилишини айтиб, ертўла қисмини унга дорихона сифатида фойдаланиш учун беришга ваъда қилган.
Маълум бўлишича, у ваъдасида турмасдан, 900 миллион сўм пулларни бериб, ҳисобида 1,6 миллиард сўм маблағи бўлган пластик картасидаги пулларни нақдлаштириб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 8 сентябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўқонда автосалондан «Damas» олиб чиқиб бериш эвазига танишини 5000 долларга «ухлатган» шахс ва Қувасойда фирибгарлик содир этиб терговдан яширинган аёл қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Шунигдек, Фарғонада ўғрилик қилиб, терговдан яширинган шахс ҳамда Фарғонада тўрт кишини салкам 1,5 миллиард сўмга «ухлатган» шахс ушлангани маълум қилинди.