Фарғонада тўрт кишини салкам 1,5 млрд сўмга «ухлатган» шахс ушланди (видео)
Фарғона вилоятида 4 кишини салкам 1,5 миллиард сўмга «ухлатган» шахс ушланди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида хабар берилди.
Маълум қилинишича, фуқаро М. бир нечта кишига ўзининг автомашина мотори мойлари савдоси билан шуғулланишини айтган. Унга пул бериб туришса, берилган маблағни савдога тикиб, кўрилган фойдадан улуш чиқариб беришини маълум қилган. Шу тариқа, 4 нафар фуқаронинг жами 1 миллиард 419 миллион 127 минг 891 сўм пулини олган. Пулларни эса шахсий эҳтиёжига ишлатиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги еҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, Бешариқда, Олтиариқда ҳамда Риштонда терговдан яширинган шахс ҳамда Фарғонада алимент тўламаган ва фирибгарлик қилган қидирувдаги икки шахс қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.