Бешариқда терговдан яширинган шахс қўлга олинди
Фарғона вилояти Бешариқ туманида 4 сентябрь, жума куни Жиноят кодексининг 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан қидирувда бўлган фуқаро қўлга олинди, деб хабар бермоқда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Хабарда айтилишича, 4 сентябрь куни Бешариқ тумани ички ишлар бошқармаси (ИИБ) ходимлари Бешариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан қидирувда бўлган фуқаро С.А.ни Бешариқ тумани ҳудудида қўлга олган.
Ички ишлар бошқармасининг маълумотларига кўра, С.А. Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми «г» бандида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) кўрсатилган жиноятни содир этиб, терговдан яширинганлиги сабабли қидирувда бўлган.
Аввалроқ Олтиариқда ўғрилик жиноятини содир этиб, яширинган шахс ушлангани, Риштон тумани, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида қидирувда бўлган шахслар қўлга олингани маълум қилинганди.
Шунингдек, Фарғонада алимент тўламаган ва фирибгарлик қилган қидирувдаги икки шахс қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.