Фарғонада алимент тўламаган ва фирибгарлик қилган қидирувдаги икки шахс қўлга олинди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳри ва Фарғона туманида алимент тўлашдан бўйин товлган ҳамда фирибгарлик жиноятини содир етиб, қидирувда бўлган фуқаролар ушланди, деб хабар бермоқда Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 30 август куни Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ИИО ФМБ) Жиноят қидирув бўлими (ЖҚБ) ходимлари Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисмида (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) кўрсатилган жиноятни содир этиб, терговдан яширинганлиги сабабли Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан қидирувда бўлган М.А.ни қўлга олган.
Шунингдек, 31 август куни Фарғона тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмида (Фирибгарлик) кўрсатилган жиноятни содир этиб, терговдан яширинганлиги сабабли Фарғона тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан қидирув эълон қилинган А.Ш.ни Фарғона тумани ҳудудида қўлга туширган.
Аввалроқ Сирдарёда 13 миллион сўмдан ортиқ алимент тўламаган шахсга 15 сутка қамоқ жазоси тайинлангани, Каттақўрғонда 5 ойлик алимент пулини тўламаган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ва Фарғонада маиший техника воситаларини арзон нархда олиб беришини айтиб, танишини 55 минг долларга «ухлатган» шахс қўлга олингани ҳамда Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган фирибгарга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.
Бундан ташқари Aндижонда фуқарога 20 миллион сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган, Самарқандда пластик картадан яширин равишда 3 миллион сўмга яқин пулларни ечиб олган фирибгарлар қўлга олингани ва Каттақўрғонда абитуриентни 8000 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шахсга жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинганди.