Самарқандда пластик картадан яширин равишда 3 млн сўмга яқин пулларни ечиб олган фирибгар қўлга олинди
Самарқанд шаҳрида пластик картадан фирибгарлик йўли билан 2 790 000 сўм пулларни ечиб олган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Хабарда берилишича, 16 август куни Оқдарё туманида яшовчи Х. Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 6-сонли ИИБга шикоят билан мурожаат қилган.
Aризага кўра, 15 апрель куни Х. Самарқанд шахридаги «Ипак йўли» банки филиалларидан бирига келиб, ўзининг пластик карточкасини телефон аппаратига уламоқчи бўлиб турган вақтида унинг олдига фуқаро З. келиб, ёрдам беришини айтади.
Aмалий ёрдам вақтида З. пластик карточкадаги кодларни эслаб қолиб, Х. га пулларини ўтказиб бўлмаганлигини айтиб, пластик картасини қайтариб берган. Х. банкдан кетганидан сўнг З. пластик карточка кодларини ўзининг телефон аппаратига улаб, ундан 2 790 000 сўм пулларни яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан кетган.
Қайд этилишича, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бўлими ҳамда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 6-сонли ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Самарқанд шаҳри Мотрид қўрғонида яшовчи М.З. содир қилганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергелида тадбиркорнинг 5 000 долларини алдов йўли билан олган фуқаро ушлангани ҳамда Telegram’да «3 ёшли Эъзоза ёрдамга муҳтож» номли гуруҳ очиб, хайрия пулларини ўзлаштирган 19 ёшли қиз қўлга олингани ҳақда хабар берилганди.