«Док-1 Макс» иши бўйича жабрланганларга компенсация пуллари тўлиқ тўлаб берилди

Президент топшириғига асосан «Док-1 Макс» ва «Амбронол» препаратларини истеъмол қилиш оқибатида вафот этган ва жабрланган болаларнинг оилаларига етказилган зарарни тўлиқ қоплаш ишлари жадаллаштирилди

Маълумки, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг ижро ҳужжатларига кўра, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситалари истеъмоли натижасида жабрланган оилаларга Мажбурий ижро бюроси томонидан 90 нафар жабрланувчи фойдасига жами 82 млрд сўм компенсация тўлови ундирилиши белгиланган эди.

Бироқ айбдорларнинг хатланган мол-мулкини сотиш жараёни белгиланган муддатдан чўзилгани сабабли бугунги кунга қадар ушбу маблағнинг 20%, яъни 16,8 мллиард сўм тўланган, холос. Компенсациянинг қолган қисми эса бир неча йилдан буён тўланмай келган.

Натижада, Президент томонидан жабрланган оилаларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаб бериш ишларини тезлаштириш бўйича тегишли топшириқ берилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Шунга асосан давлат бюджетидан 65,2 миллиард сўм ажратилди. Шу тариқа бугунга қадар 88 нафар жабрланувчига жами 80 миллиард сўм, шу жумладан, вафот этган 72 нафар бола оилаларига 72,2 миллиард сўм, даволанган ва даволанаётган 16 нафар бола оилаларига эса 7,8 миллиард сўм тўланди, — дейилади хабарда.

Банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал этилгандан сўнг 2 нафар бола оила азоларига ҳам қолган 2 миллиард сўм тўлиқ тўлаб берилади. Бюджетдан ажратилган 65,2 миллиард сўм маблағ айбдор шахсларнинг мол-мулкини сотишдан тушган ва улардан ундирилган маблағ ҳисобидан республика бюджетига қайтарилади.

Ўзбекистон