Таиланд Ўзбекистон учун визасиз режимни қайтариши мумкин
Хабар қилинишича, Таиланд Туризм ва спорт вазирлиги Колумбия, Мексика ва Ўзбекистон фуқаролари учун 15 кунлик муддатга визасиз режим жорий этишни таклиф қилишга тайёргарлик кўрмоқда

Таиланд Туризм ва спорт вазирлиги учта мамлакат — Ўзбекистон, Колумбия ва Мексика фуқаролари учун 15 кунлик визасиз режим жорий этиш бўйича таклиф тайёрламоқда, деб ёзади The Nation Thailand.
Қайд этилишича, ушбу чора виза расмийлаштиришдаги жиддий кечикишлар муаммосини ҳал этиш ва олис хориж мамлакатларидан сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган.
Бундан ташқари, ушбу ташаббус халқаро авиатўсиқлар ва авиаташувчилар дуч келаётган ташкилий қийинчиликларнинг ортиб бораётгани билан ҳам боғлиқ.
Таиланд Туризм ва спорт вазири Сурасак Пханчароенворакулнинг маълум қилишича, 9 ноябрь куни виза сиёсати бўйича қўмита йиғилишида бир қатор мамлакатлар фуқаролари учун 15 кунлик визасиз кириш режимини жорий этиш таклифи кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Бунда қўмита ушбу ташаббуснинг мамлакат хавфсизлиги ва иқтисодиётига етказиши мумкин бўлган оқибатларини атрофлича баҳолаши лозим. Туризм вазирлиги хавфсизлик нуқтаи назаридан хавф даражаси паст бўлган давлатлар учун визасиз режимни имкон қадар кенгайтиришга интилмоқда.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон фуқаролари визани фақат Таиланднинг Россиядаги элчихонаси орқали расмийлаштиришга мажбур бўлаётгани сабабли мураккаб жараёнга дуч келмоқдалар. Виза соҳасидаги қийинчиликлар ортидан туроператорлар Таиландга мўлжалланган турпакетларни бекор қилиб, мижозларга муқобил йўналишларни, жумладан Вьетнамни таклиф этмоқда.
Виза сиёсатига таклиф этилаётган ўзгаришлар тўсиқларни бартараф этиш, сайёҳларнинг киришини енгиллаштириш ҳамда халқаро туроператорлар ва авиакомпанияларнинг ишончини қайта тиклашга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрдан эътиборан Ўзбекистон фуқаролари учун Таиландга визасиз кириш тартиби, шунингдек, етиб келганда виза олиш имконияти бекор қилинган эди.





