Сергелида тадбиркорнинг 5 000 долларини алдов йўли билан олган фуқаро ушланди

Сергелида тадбиркорнинг 5 000 АҚШ долларини алдов йўли билан олган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сергели тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Текширувда, фуқаро М.О. «F.T.» МЧЖ таъсисчиси Х.З.нинг ишончига кириб, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини айтган. Россияга помидор маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда ун маҳсулотларини олиб сотиш орқали катта миқдорда фойда олишга қизиқтириб, унинг 5000 АҚШ долларини олган. Пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Aввалроқ Фарғонада тадбиркорни салкам 59 миллион сўмга чув туширган фуқаро ушлангани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, Олтиариқда фирибгарлик қилиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олингани маълум қилинган.