Фарғонада тадбиркорни салкам 59 миллион сўмга «ухлатган» фуқаро ушланди

Фарғона вилояти Риштон туманидаги деҳқон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи хусусий тадбиркор З.Н.дан 58 650 000 сўм пулни алдов йўли билан олган фуқаро ушланди. Бу ҳақда «Postda» хабар берди.

Маълумотларга кўра, бозорда савдо қилиб турган фуқаро З.Н.нинг ёнига бир эркак келиб, арзон нархда истеъмол ёғи борлигини, агар нархини келишса, олиб келиб беришини айтган. У тадбиркордан 58 650 000 сўм пулни олган ва кўп миқдордаги истеъмол ёғини тез кунда дўконнинг ўзига олиб келишини айтган.

Лекин орадан ойлар ўтса ҳам, «таъминотчи» истеъмол ёғини олиб келмаган. Сўнг фуқаро З.Н. Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари натижасида фуқаро илгари судланган, Риштон туманида яшовчи Т.К. эканлиги, умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаши маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, қидирувдаги Ўзбекистон фуқароси Ҳуррам Б. Қозоғистонда қўлга олингани, Telegram’да «3 ёшли Эъзоза ёрдамга муҳтож» номли гуруҳ очиб, хайрия пулларини ўзлаштирган 19 ёшли қиз ҳамда Олтиариқда фирибгарлик жиноятини содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар