Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Давлат думасига сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади
Бўлиб ўтган сайловлар Россия жамиятининг юксак сиёсий маданияти ва фуқаролик ҳамжиҳатлигини яна бир бор яққол намоён этганини таъкидланди

Президент Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси етакчиси Владимир Путинга мактуб йўллаб, мамлакат федерал мажлиси давлат думасига сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Шавкат Мирзиёев бўлиб ўтган сайловлар Россия жамиятининг юксак сиёсий маданияти ва фуқаролик ҳамжиҳатлигини яна бир бор яққол намоён этганини таъкидлади.
Жумладан, сайловчиларнинг рекорд даражадаги иштироки ва овоз бериш натижалари Россия фуқаролари президент Владимир Путин раҳбарлигида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни давом эттириш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган стратегик йўналишга юксак ишонч билдираётгани ҳамда уни сўзсиз қўллаб-қувватлаётганидан далолат бериши қайд этилди.
Ўзбекистон президенти икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мисли кўрилмаган суръатларда ривожланаётганини катта мамнуният билан таъкидлади.
Кўп қиррали алоқаларда алоҳида ўрин тутадиган парламентлараро ҳамкорлик бундан буён ҳам икки томонлама лойиҳа ва дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилиши қайд этилди.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигини ҳар томонлама ривожлантиришга кучли суръат бағишлаш, уни мамлакатлар равнақи ва халқлар фаровонлиги йўлида янги ташаббуслар билан бойитишга ишонч билдирилди.
Якунда Шавкат Мирзиёев президент Владимир Путинга мустаҳкам соғлик ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, дўст Россия халқига эса тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилади.





